|
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ
21.12.2009 й.
N 322
Мол-мулкни баҳолаш стандартларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
тартибитўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида
«Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон
Республикаси Қонунининг  9-моддасига мувофиқ Вазирлар
Маҳкамаси қарор қилади:
1. Мол-мулкни баҳолаш стандартларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, уларга
ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўз
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига
юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг
Бош вазири Ш. Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамасининг
2009 йил 21 декабрдаги
322-сон қарорига
илова
Мол-мулкни баҳолаш
стандартларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш,уларга ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисида НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ушбу
Низом мол-мулкни баҳолашнинг янги стандартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш,
шунингдек мол-мулкни баҳолашнинг амалдаги стандартларига ўзгартириш қўшимчалар
киритиш ҳамда уларнинг ўз кучини йўқотган деб эътироф этиш тартибини
белгилайди.
2. Ўзбекистон
Республикаси давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда "Давлат
мулки қўмитаси" деб юритилади) мол-мулкни баҳолаш стандартларини ўз вақтида ишлаб
чиқиш ёки қайта кўриб чиқиш, уларни келишиш, тасдиқлаш ва норматив-ҳуқуқий
ҳужжат сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш учун ваколатли ва маъсул давлат
органи ҳисобланади.
3. Мол-мулкни
баҳолаш стандартлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари доирасида ишлаб
чиқилиши ва Ўзбекистон Республикасининг бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари
билан ўзаро боғлиқ бўлиши керак.
4. Мол-мулкни
баҳолаш стандартлари баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўзгариши муносабати
билан ёки Давлат мулки қўмитасининг ташаббуси билан амал қилиш муддати тамом
бўлгунга қадар қайта кўриб чиқишлиши мумкин.
5. Давлат
мулки қўмитаси белгиланган тартибда тасдиқланган мол-мулкни баҳолаш
стандартларини баҳолаш ташкилотларига етказади ва уларга риоя этилишини назорат
қилади.
6. Мол-мулкни
баҳолаш стандартларини амалда қўллаш мақсадида унга илова сифатида ушбу стандартларнинг
ажралмас қисми ҳисобланган ва улар билан биргаликда амал қиладиган тегишли методик
кўрсатмалар ишлаб чиқилиши мумкин.
II. Мол-мулкни
баҳолаш стандартларига қўйиладиган талаблар
7. Мол-мулкни
баҳолаш стандартлари қуйидагиларни белгилайдиган ўзаро боғлиқ нормалар ва
қоидалар комплексини ифодалайди:
-
баҳолаш
тушунчалари ва принциплари;
-
баҳолаш
фаолиятида қўлланадиган атамалар ва таърифлар;
-
қиймат
турларига қўйиладиган талаблар;
-
бошланғич
ахборотга қўйиладиган талаблар;
-
баҳолашни
ўтказиш тартиби;
-
баҳолаш
усулларини қўллаш хусусиятлари;
-
баҳолаш
натижаларини расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар;
8. Баҳолаш
тушунчалари ва принциплари баҳолаш фаолияти ва мол-мулкни баҳолаш стандартлари асосланадиган
асосий юридик ва иқтисодий тушунчаларни изоҳлайди.
9. Атамалар
ва тарифлар мол-мулкни бахолаш стандартларида фойдаланиладиган асосий ва махсус
атамаларнинг мохияти ва маъносини очиб беради.
10.
Қиймат турларига қўйиладиган талаблар стандартларни қўллаш учун мол-мулкни баҳолаш
стандартлари билан белгиланган қийматнинг бозор ва бозор базаларидан фарқ қиладиган
муҳим белгиларини белгилайди ва изоҳлайди, шунингдек мол-мулкни бахолаш
стандартларида назарда тутилган қийматлар турлари ўртасидаги фарқни белгилайди.
11. Бошланғич
ахборотга қўйиладиган талаблар баҳолаш объектини бахолаш учун зарур бўлган
ахборотнинг хусусияти, мазмуни ва хажмини белгилайди.
12. Баҳолашни
ўтказиш тартиби баҳолаш объектини баҳолашда иш- ҳаракатларнинг босқичлари ва
изчиллигини белгилайди.
13. Бахолаш
усулларини қўллаш хусусиятлари баҳолаш мақсадидан ва баҳолаш объектининг ўзига
хос хусусиятларидан келиб чиқиб баҳолашнинг у ёки бу усулини танлаш тартибини
очиб беради.
14. Бахолаш
натижаларини расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни
баён қилиш шаклини, тақдим этиладиган ахборотнинг сон ва сифат изчиллигини ҳамда
мантиқан ўзаро боғлиқлигини белгилайди.
15. Мол-мулкни
баҳолаш стандартларида баҳолаш жараёнини тартибга солишга йуналтирилган бошқа
талаблар ҳам бўлиши мумкин.
III. Мол-мулкни баҳолаш стандартларинирасмийлаштиришга қўйиладиган талаблар
16. Мол-мулкни
баҳолаш стандартлари талабларини баён қилиш ҳар ҳил талқин қилишни истисно
этадиган қисқа ва аниқ бўлиши керак.
17. Ҳажми
ва мазмунига қараб мол-мулкни баҳолаш стандартлари ўз номига эга бўлган айрим бўлимларга
бўлинади. Бўлимлар рим рақамлари билан рақамланиши керак, барча бўлимларнинг
кичик бандлари араб рақамлари билан рақамланади.
18. Мол-мулкни
баҳолаш стандартининг ҳар бир бандида тугалланган битта норматив кўрсатма бўлиши
керак.
19. Жадваллар,
графиклар, хариталар, схемалар, ҳужжатлар ва бланкаларнинг намуналарини
иловаларда жойлаштириш, матнда эса тегишли ҳаволаларни кўрсатиш зарур.
20. Мол-мулкни
баҳолаш стандартини расмийлаштириш норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул
қилишнинг белгиланган талабларига мувофиқ бўлиши керак.
IV. Мол-мулкни баҳолаш стандартлариникелишиш ва тасдиқлаш тартиби
21. Мол-мулкни
баҳолашнинг ишлаб чиқилган стандартлари, агар мол-мулкни баҳолаш стандартининг лойиҳасида бошқа
вазирликлар ва идораларнинг манфаатлари ёки ваколатига дахл қиладиган нормалар
мавжуд бўлса, келишиш учун манфаатдор вазирликлар ва идораларга юборилади.
22. Мол-мулкни
баҳолашнинг келишиладиган стандарти лойихасида тегишли вазирликлар ва идоралар
раҳбарларининг тегишли вазирлик ва идоранинг
муҳри билан тасдиқланган имзолари қўйилган лойиҳанинг келишилганлигини кўрсатадиган
якунловчи қоидалар бўлиши керак.
23. Мол-мулкни
баҳолаш стандартлари Ўзбекистан Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан
ўтказилиши керак.
V. Мол-мулкни баҳолаш стандартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
ёхуд уларни ўз кучини йўқотган деб эътироф этиш
24. Мол-мулкни
баҳолаш стандартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки уларни ўз кучини йўқотган
деб эътироф этиш Давлат мулки қўмитаси томонидан амалга оширилади.
25. Мол-мулкни
баҳолашнинг янги стандарти тайёрланиши муносабати билан илгари қабул қилинган
мол-мулкни баҳолаш стандартига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки уни ўз
кучини йўқотган деб эътироф этиш тўғрисидаги таклифлар янги стандарт лойҳасини
ишлаб чиқиш билан бир вақтда тайёрланиши керак.
26. Агар
баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш мол-мулкни
баҳолаш стандартларига тегишли бўлса, Давлат мулки қўмитаси ўзгартириш ва қўшимчалар
киритиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан
ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим этади. Мол-мулкни бахолаш стандартлари қонун
ҳужжатларига мувофиқлаштирилгунига қадар ушбу стандартлар қонун ҳужжатларига
зид бўлмаган қисми бўйича амал қилади.
27. Агар
баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўзгариши муносабати билан ёки
Давлат мулки қўмитасининг ташаббуси билан мол-мулкни баҳолаш стандартларини қайта
кўриб чиқишда мол-мулкни баҳолашнинг айрим стандартлари амал қилишини тўхтатиш
зарурияти юзага келса Давлат мулки қўмитаси Адлия вазирлигига мол-мулкни баҳолаш
стандарти ўз кучини йўқотганлигини эътироф этиш тўғрисидаги тегишли қарорни тақдим
этади.
28. Бошқа
вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ёки келишган ҳолда қабул қилинган
мол-мулкни баҳолаш стандартига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки уни ўз
кучини йўқотган деб эътироф этиш ушбу вазирликлар ва идоралар билан биргаликда
ёки келишган ҳолда амалга оширилади.
|