ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш, мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мулк дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлашнинг кафолатлари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва хусусий мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Хусусий мулк ҳуқуқи
Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ унга тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатларида эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир, шунингдек ушбу мол-мулкка нисбатан унинг ҳуқуқларини ҳар қандай бузилишларини, ким томонидан келтириб чиқарилганидан қатъи назар, бартараф қилишни талаб қилишдир.
4-модда. Хусусий мулк ҳуқуқининг кафолати тушунчаси
Хусусий мулк ҳуқуқининг кафолати ушбу ҳуқуқнинг эркин амалга оширилишини, унинг дахлсизлигини, қўриқланишини ва ҳимоясини таъминловчи Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган ҳуқуқий нормалар, усуллар ва воситалар мажмуидир.
5-модда. Хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш шартлари
Мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.
Қонунларда назарда тутилган ҳолларда, шартларда ва доирада мулкдор бошқа шахслар унинг мол-мулкидан чекланган тарзда фойдаланишига йўл қўйишга мажбур.
Мулкдор ўзининг устунлик мавқеини суиистеъмол қилишга, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситадиган ўзга ҳаракатларни қилишга ҳақли эмас.
Мулкдор ўз ҳуқуқини амалга оширганида фуқароларнинг соғлиғига ва атроф муҳитга зарар етказишининг олдини олиш чораларини кўришга мажбур.
6-модда. Хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий кафолатлари
Хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишининг асосий кафолатлари қуйидагилардан иборат:
- хусусий мулк дахлсизлиги;
- хусусий мулк миқдори ва қийматини чеклашига йўл қуйилмаслиги;
- мулкдорларнинг тенг ҳуқуқлилиги;
- хусусий мулк ҳуқуқининг муддатсизлиги;
- мол-мулкни хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилишга йўл қўйилмаслиги;
- хусусий мулк ҳуқуқини амалга оширишда давлат органлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний аралашувига йўл қўйилмаслиги;
- хусусий мулкни қўлга олишга қаратилган ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги;
- бузилган хусусий мулк ҳуқуқини тикланиши.
7-модда. Хусусий мулкнинг дахлсизлиги
Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкнинг дахлсизлиги мулкдорга қарши турган барча субъектларнинг мулк ҳуқуқини бузишдан ўзларини сақлашларидан иборатдир. Мулкдор ўз мулкидан фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина маҳрум этилиши мумкин.
Хусусий мулкка ва мулкдорлар ҳуқуқларига ноқонуний тажовуз қилиш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
8-модда. Хусусий мулк миқдори ва қийматини чеклашга йўл
қуйилмаслиги
Хусусий мулк миқдор ва қиймат бўйича чекланмайди. Мулкдор мол-мулкининг ўсишини чеклашга йўл қўйилмайди.
9-модда. Мулкдорларнинг тенг ҳуқуқлилиги
Давлат томонидан мулкдорларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланади. Эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф қилиш бўйича ҳуқуқларни бевосита ёки билвосита чеклаш, бевосита ёки билвосита устунликларни ўрнатишга қаратилган ҳаракатларга йўл қўйилмайди. Мулкдорнинг фаолиятини чеклаш ҳолатлари ва тартиби қонун билан белгиланади.
10-модда. Хусусий мулк ҳуқуқининг муддатсизлиги
Хусусий мулк ҳуқуқи муддатсиздир. Мулкдор ўзининг мол-мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш бўйича муддат ўрнатилишига йўл қўйилмайди.
11-модда. Мол-мулкни хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилишга йўл қўйилмаслиги
Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди.
12-модда. Хусусий мулк ҳуқуқини амалга оширишда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний аралашувига йўл қўйилмаслиги
Хусусий мулк ҳуқуқини амалга оширишда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний аралашувига йўл қўйилмайди.
Мулкдорлар фаолиятининг давлат назорати юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашмаслик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи томонидан мулкдорларга зарар етказадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
13-модда. Хусусий мулкни қўлга олишга қаратилган ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги
Мулкдорга қарши бўлган бошқа субъектларнинг мулкдорнинг манфаатларига зид равишда хусусий мулкни бевосита ёки билвосита қўлга олишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларига йўл қўйилмайди.
Мулкдорга шак-шубҳасиз фойдасиз шартларни юклаш, жумладан мол-мулкни, молиявий маблағларни, ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз талаб қилиш таъқиқланади.
Мулкдорнинг фаолиятига унинг мол-мулкини қўлга олишга ёки уни хусусий мулкига бўлган ҳуқуқларидан воз кечишига мажбур қиладиган натижага эга бўлган ёки бўлиши мумкин бўлган ноқонуний аралашишлар таъқиқланади. Кўрсатилган талабнинг бузилиши айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
14-модда. Бузилган хусусий мулк ҳуқуқининг тикланиши
Давлат бузилган хусусий мулк ҳуқуқларини тикланишини ва уларнинг суд ҳимоясини кафолатлайди.
Агарда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги билан мулкдорга зарар етказилган бўлса, ушбу зарар қонун ҳужжатларига мувофиқ уни етказган шахс томонидан тўлиқ қопланиши шарт.
15-модда. Давлат органларининг хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилишга қаратилган ҳужжатлари устидан шикоят қилиш
Мулкдорлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ва уларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган давлат органларининг қарорларидан норози бўлган тақдирда ўз хоҳишига кўра бўйсунув бўйича юқори турувчи органга бундай қарорни бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан ёки бундай қарорни тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
16-модда. Хусусий мулкни суғурта қилиш
Хусусий мулкни суғурта қилиш ихтиёрий равишда амалга оширилади.
Мулкдорлар қонуний фаолият юритаётган ҳар қандай суғурта ташкилотларининг суғурта ҳимояси ҳуқуқидан фойдаланишга ҳақлидирлар.
Хусусий мулкни суғурта қилиш:
- мулкнинг экспроприация қилинишини, шунингдек мулкнинг олиб қўйилиши ёки бошқа шахсга ўтказилишига, мулк ёки у орқали олинадиган даромадлар устидан назорат қилиш имконияти йўқотилишига олиб келувчи ҳар қандай қонун чиқаришга оид ёки маъмурий чораларни;
- давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва улар мансабдор шахсларининг мулкдорларнинг фаолиятига аралашувини;
- урушлар, фуқароларнинг ғалаёнлари ёки бошқа шу каби ҳодисаларни;
ҳар хил турдаги хавфлардан суғурта ҳимояси ва кафолатларни таъминлайди.
17-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мулк ҳуқуқи кафолатлари
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мулк ҳуқуқини амалга оширишлари давлат томонидан кафолатланади ва ҳимоя қилинади, улар учун адолатли ва тенг ҳуқуқли режим, тўлиқ ва доимий ҳимоя ҳамда мулки хавфсизлиги таъминланади. Бундай режим Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгилаб қўйилган режимга қараганда ноқулайроқ бўлиши мумкин эмас.
18-модда. Хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилиш асослари
Хусусий мулк ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
- мулкдор томонидан мажбуриятларнинг ихтиёрий бажарилиши;
- мулкдор томонидан ўзининг мол-мулкини бегоналаштирилиши;
- мулкдорнинг мулкий ҳуқуқдан воз кечиши;
- қонун бўйича ушбу шахсга қарашли бўлиши мумкин бўлмаган мол-мулкка бўлган мулкий ҳуқуқнинг бекор қилиниши;
- мол-мулкни йўқ қилиш (тугатиш);
- мулкдорнинг мол-мулкини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун национализация ва реквизиция тартибида олиб қўйилиши;
- мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирувни мол-мулкка қаратилиши;
- мол-мулкни мусодара қилиниши;
- юридик шахснинг тугатилиши;
- мулкдорнинг вафоти ёки уни вафот этган деб эълон қилиниши.
Мулкий ҳуқуқ қонунда белгиланган бошқа ҳолатлар бўйича ҳам бекор қилиниши мумкин.
19-модда. Мол-мулкни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши
Мол-мулкни, шу жумладан жисмоний ёки юридик шахснинг эгалигида бўлган ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши национализация қилиш, реквизиция қилиш тартибида фақат мажбурий тарзда мулкдорга аввалдан ва тўлиқ равишда мол-мулкининг бозор қийматини бой берилган фойдани ҳисобга олган ҳолда, шунингдек бундай олиб қўйиш оқибатида мулкдорга етказилган зарарлар ўрнини қоплаш шарти билан амалга оширилади, агарда қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса.
20-модда. Мулкни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб
қўйилишининг мақсадлари
Ушбу Қонунга мувофиқ мулк фақат жамият манфаатлари учун хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида олиб қўйилиши мумкин.
Мулкни олиб қўйишга фақат жамият манфаатлари тақозо этган ва олиб қўйиш мақсадига бошқа ҳар қандай йўл билан эришиш мумкин бўлмаган тақдирдагина йўл қўйилади.
21-модда. Мулкни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб
қўйилишининг тамойиллари
Мулкни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тамойиллари ва мажбурий шартлари қуйидагилардан иборат:
- хусусий мулк ҳуқуқини бекор бўлишининг қонуний эканлиги ва тегишли ҳуқуқий таомилга амал қилинганлиги;
- хусусий мулк ҳуқуқини мажбурий бекор қилиш фақат суд қарори асосида амалга оширилади;
- хусусий мулк ҳуқуқини мажбурий бекор қилишнинг бошқа усуллар билан эришиш мумкин бўлмаган ижтимоий мақсадлари, давлат хавфсизлиги ва миллий манфаатлар талаблари;
- мол-мулкни давлат мулкига олиб қўйиш фақат ушбу олиб қўйишнинг мақсадлари учун зарур бўлган ҳажмда амалга оширилади;
- мол-мулкни олиб қўйишнинг камситмасликка асосланганлиги;
- мулкдорга аввалдан ва тўлиқ равишда мол-мулкининг бозор қийматини бой берилган фойдани ҳисобга олган ҳолда, шунингдек бундай олиб қўйиш оқибатида мулкдорга етказилган зарарлар ўрнини қоплаш шарти билан амалга оширилади, агарда қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса.
22-модда. Хусусий мулк ҳуқуқини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бекор қилиш ҳажми, чекловлари ва амал қилиши
Хусусий мулкни олиб қўйиш фақат ушбу олиб қўйишнинг мақсадлари учун зарур бўлган ҳажмда амалга оширилади.
Мол-мулкнинг бир қисми уни олиб қўйиш мақсадлари учун етарли бўлса, у ҳолда олиб қўйиш ушбу қисм билан чекланиши шарт.
Бир бутун мол-мулкнинг муайян бир қисми олиб қўйилаётган тақдирда ва мол-мулкнинг қолган қисмидан аввалги ёки бошқа мумкин бўлган кўринишда фойдаланиш имкони мавжуд бўлмаганда, мулкдор мол-мулкнинг ушбу қисмини ҳам олиб қўйилишини талаб қилишга ҳақли.
23-модда. Национализация
Национализация фуқароларга ҳамда юридик шахсларга қарашли национализация қилинаётган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини ҳақ тўлаш асосида қонунга мувофиқ фақат жамият манфаатлари учун хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида давлат ихтиёрига ўтказишдан иборатдир.
24-модда. Реквизиция
Табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар юз берган тақдирда ва фавқулодда тусдаги бошқа вазиятларда мол-мулк жамият манфаатларини кўзлаб, давлат ҳокимияти органи қарорига мувофиқ мулкдорга мол-мулкнинг қийматини тўлаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартлар асосида олиб қўйилиши мумкин (реквизиция).
Фавқулоддаги ҳолат вазиятларида мол-мулк мулкдордан мол-мулкни олиб қўйиш кейинчалик мол-мулкнинг тўлиқ бозор қийматини тўлаб бериш асосида амалга оширилиши мумкин.
Реквизиция ўтказилишига сабаб бўлган вазиятларнинг амал қилиши тўхтаганидан кейин реквизиция қилинган мол-мулкнинг собиқ мулкдори сақланиб қолган мол-мулкни ўзига қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.
Мулкдорнинг мол-мулкини реквизиция қилиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қуйидаги талабларга риоя этилган ҳолда реквизиция амалга оширилганда қабул қилинади:
реквизиция давлат ва жамоат эҳтиёжларидан келиб чиқувчи вазифаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган мол-мулкнинг энг кам миқдори билан чекланади;
реквизиция камситилмайдиган асосда ва қонун билан белгиланган тартибда амалга оширилади;
реквизиция етказилган зарарга мос равишда компенсация тўлаш билан биргаликда амалга оширилади.
25-модда. Реквизиция қилинган ёхуд национализация қилинган мол-мулкни уларни амалга ошириш учун асос бўлган шартлар бекор бўлганлиги муносабати билан қайтариш
Реквизиция қилинган ёхуд национализация қилинган мол-мулк уларни ўтказиш учун асос бўлган ҳолатлар тугаганлигига кўра мулкдорга унинг қиймати пасайганлиги ёки кўрилган зарар билан боғлиқ бўлган йўқотишларни қоплаш билан биргаликда қайтарилиши шарт, реквизиция қилинган ёхуд национализация қилинган мол-мулкнинг қийматини, зарар ўрнини қоплашни қўшган ҳолда аввалдан қоплаб берилган ҳолатлар бундан мустасно.
26-модда. Мусодара
Қонунда назарда тутилган ҳолларда мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ жиноят ёки ўзга ҳуқуқбузарлик қилганлик учун ҳақ тўламасдан мулкдордан олиб қўйилиши мумкин.
27-модда. Қонун қабул қилиниши натижасида хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилиш оқибатлари
Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши оқибатида хусусий мулк ҳуқуқи бекор қилинган тақдирда, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида мулкдорга етказилган зарар, шу жумладан мол-мулкнинг бозор қиймати давлат томонидан тўла ҳажмда қопланади. Зарарни қоплаш бўйича низолар суд томонидан ҳал қилинади.
28-модда. Хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилиш тартиби
Хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилиш ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартиб ва шартларда амалга оширилади.
Хусусий мулк ҳуқуқи бекор қилинаётганда олиб қўйилаётган мол-мулкнинг қиймати, агар қонун билан бошқа қоида ўрнатилмаган бўлса, хусусий мулкни олиб қўйишдан бевосита аввалги пайт учун баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланади.
Компенсация миқдори олиб қўйилаётган мол-мулкнинг олиб қўйилишидан бевосита аввалги пайтдаги ёки олиб қўйилиши ҳақидаги хабар мол-мулк қийматига таъсир кўрсатган пайтга қадар бўлган бозор қийматига мувофиқ бўлиши шарт.
Мулкдор олиб қўйилган мол-мулкининг қийматини қоплаш бўйича баҳо юзасидан судда низолашиш мумкин.
Хусусий мулк ҳуқуқини мажбурий тарзда бекор қилиш чоралари ушбу Қонунга мувофиқ ва фақат суд ижрочиси томонидан уларни ихтиёрий равишда ижро этиш учун белгиланган муддат тугагандан кейин қўлланади.
Мулкдорлар мол-мулкни олиб қўйиш бўйича қарор устидан судга шикоят қилишга ҳақлидир.
Мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши натижасида кўрган бошқа зиённи тўлаб берилишини ёки кўрилган зарарни тўла ҳажмда қоплаб беришни суд тартибида талаб қилишга ҳақлидир.
Мулкдорлар давлатнинг хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилувчи ҳужжатларидан ҳимоя қилиш бўйича судга мурожаатлари учун давлат божини тўлашдан озод қилинадилар.
29-модда. Хусусий мулк ва мулкдорнинг ҳуқуқларини қонунда назарда тутилган асослар бўйича бекор қилишда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш
Мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар, экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорнинг ёки давлат органининг мулкдордан бевосита мол-мулкни олиб қўйишга қаратилмаган бошқа қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилишга фақат Ўзбекистон Республикасининг қонунида белгиланган ҳолатларда ва тартибда мулкдорга хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилиш билан етказилган зарар ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаш шарти билан йўл қўйилади.
Мулкдор:
- хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилиш учун қўйилган мақсаднинг қонунийлиги;
- хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилиш натижасида олиб қўйилган мол-мулкнинг миқдори;
- олиб қўйилган мол-мулкнинг баҳоси;
- тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг мувофиқлиги;
- давлат органлари томонидан хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилиш бўйича тартиб-таомилларга амал қилиниши бўйича суд тартибида низолашишга ҳақлидир.
Мулкдор норози бўлганда хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилишга сабаб бўладиган қарорнинг ижроси низо суд тартибида ҳал қилингунга қадар амалга оширилиши мумкин эмас. Низони кўриб чиқишда шунингдек мулкдорга етказилган зарар ўрнини қоплаш бўйича барча масалалар ҳал қилинади.
30-модда. Хусусий мулк ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари
Хусусий мулк ва мулкдорларнинг ҳуқуқлари қуйидаги йўллар билан ҳимоя қилинади:
- хусусий мулк ҳуқуқини тан олиш;
- хусусий мулк ҳуқуқини бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва уни бузадиган ёки бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш;
- хусусий мулк ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузадиган битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш;
- хусусий мулк ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузадиган давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш;
- мулкдорнинг ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилиши;
- мажбуриятни аслича (натура) бажаришга мажбур қилиш;
- зарарни бой берилган фойдани ҳисобга олган ҳолда тўлаш;
- неустойка ундириш;
- маънавий зиённи қоплаш;
- давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг хусусий мулк ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузадиган қонунга зид ҳужжатини суднинг қўлламаслиги.
Хусусий мулк ва мулкдорларнинг ҳуқуқлари қонун хужжатларида назарда тутилган бошқача усуллар билан ҳам ҳимоя қилиниши мумкин.
31-модда. Хусусий мулк ҳуқуқини бузадиган давлат органлари ва ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳужжатларининг ҳақиқий эмаслиги
Давлат органлари ва ўзини-ўзи бошқариш органларининг қонунга зид бўлган ҳужжатни қабул қилиши натижасида хусусий мулк ҳуқуқи бузиладиган бўлса, бундай ҳужжат қонун ҳужжатлари белгиланган тартибда суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилади.
32-модда. Хусусий мулк ҳуқуқини амалга оширишга давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлик
Хусусий мулк ҳуқуқини амалга оширишга ноқонуний аралашишда айбдор бўлган давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мансабдор шахслари қонун билан белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тўланади.
Суднинг қарори билан зарар бевосита давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ўзидан ундирилади, кейинчалик ушбу органлар зарар етказишда айбдор бўлган ўз ходимларидан (мансабдор шахслардан) регресс тартибда ундиришни талаб қилишга ҳақли.
33-модда. Ушбу Қонунни бузганлик учун жавобгарлик
Ушбу Қонунни бузишда айбдор саналган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
34-модда. Ўтиш қоидалари
Давлат органлари, шу жумладан назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек судлар томонидан ушбу Қонун кучга киргандан кейин хусусийлаштирилган мулклар бўйича хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари тўғрисида ташаббус билан чиқишга йўл қўйилмайди.
35-модда. Низоларни ҳал этиш
Хусусий мулк ҳуқуқини қўлга киритиш, амалга ошириш ва бекор қилишда вужудга келадиган низолар белгиланган тартибда ҳал этилади.
36-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
- ҳукуматнинг қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш;
- давлат бошқаруви органларининг ушбу Қонунга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишини таъминлаш юклатилсин.
37-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти